понедельник, 17 февраля 2014 г.

Ўзбекчилик


Оилавий телевизор томоша қилаётганимизда, қўлимда пульт билан ҳушёр туришга мажбурман. Чунки, ота ва қиз, қайнота ва келин ёки она ва ўғил биргаликда кўраётганда, юзларини мулзам қиладиган эпизодлар, реклама ёки мультфильмларда ҳам учраб қолиши мумкин. Шуни инобатга олган холда, дархол бошқа каналга олишга шай тураман. Ишонаманки юртимиздаги аксарият оилаларда, шундай манзара кузатилади. Ярим-ялонғоч ёки эҳтирос уйғотувчи лавҳаларни оилавий томоша қилиш, динимизга ҳам “ўзбекчилик”rа ҳам тўғри келмайди. 

Ўғлим ўқийдиган мактаб, шундоққина катта йўл бўйида жойлашган. Ҳар куни эрталабдан, битта ўқитувчи, кўчада навбатчи туради. Навбатчи ўқитувчининг вазифаси - ўқувчилар автомобиль йўлини кесиб, мактаб томонга ўтишларига кўмаклашиш. Агар навбатчи йўқ бўлса, пиёдалар йўлакчаси бўлишига қарамай, ҳайдовчилар ўқувчиларни ўтказиб юборгиси келмайди. Машиналар “ғизиллаб” ўтаверади. Сумка кўтарган ўқувчилар, йўл четида тураверади. Одатда бизнинг ҳайдовчилар, фақат ДАН ҳодими кузатиб тургандагина, қоидага тўлиқ амал қиладилар. Бошқа пайтлар эса, ўзбекчилик...

Баъзида ҳамкасблар билан ўзаро, раҳбаримизнинг хато ва камчиликларини муҳокама қилиб қоламиз. Лекин, хеч биримиз, бу камчиликларни унинг юзига айтишга ботинолмаймиз (ёки қўрқамиз). Ютуқлари ва яхши томонларини эса, ҳаммамиз унинг ўзига қайта-қайта айтиб мақтаймиз. Гурунглашиб қолганимизда, бошлиғимиз айтган латифа қизиқарсиз бўлса ҳам, ҳаммамиз кулишга ҳаракат қиламиз. Балки, бу ҳам “ўзбекчилик”дир?!

Дўстим қайнотаси билан бирга ишларди. Яқинда билсам, иш жойини ўзгартирибди. “Нимага бундай қилдинг?” десам. “Қайнота-куёв бирга ишлаш ўзбекчиликка тўғри келмаскан”, дейди.

Бобомдан, “динимизда аза - 3 кун, дейилган бўлса, ”Йигирма”, “Қирқ”, “Йил” каби маросимлар нимага керак?“ деб сўрасам. “Энди болам, бу одатларни қилмасанг, одамлар айб қилиши мумкин. “Ўзбекчилик”да шундай дейди.  

Жуда ривожланган давлатда яшайдиган, бадавлат ва ўзини “олий маданият эгаси” деб билгувчи танишимнинг, ота–онаси қариялар уйида яшайди. Ўзимиздан қўймасин. “Маданиятсиз” ёки ночорроқ қария ҳам ўз уйида яшайди. Уйида “газ” ёки “свет”дан муаммо бўлиши мумкин. Лекин мехр–оқибатдан муаммо йўқ. Уйини бўлмасаям, кўнглини ёритиб, иситиб туради. 

Ўтган йили МДҲ давлатлари фуқаролари ўртасида ўтказилган сўровга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 95% бошқа мамлакатга (совуқ ва қоронғу уйларини ташлаб) бутунлай кўчиб кетишни истамаслигини, айтган. Бу МДҲдаги энг юқори натижа. Эътиборлиси, энг кўп чет давлатларга бориб ишлайдиган ҳам бошқа юртга кўчиб кетишни истамайдиган ҳам бизнинг ҳалқимиз. Шу ўринда яна баъзи муаммолар хақида ёзмоқчи эдим. “Ўзбекчилик” қилиб ёзолмадим... Тинчлигимизга кўз тегмасин. Биз борига қаноат қилиб ўрганган ҳалқмиз. 

Ўзбекистоннинг битта қишлоғи берган ҳузур-халоватни, дунёнинг мана-ман деган шаҳарлари беролмаслиги мумкин. Бу "сийқаси чиққан" ёки баландпарвоз гаплар эмас. Гапимнинг исботи сифатида қуйидаги воқеани келтираман.

Ҳарбий хизматга кетиб, уйига жуда кеч қайтган бирор аскарни эшитганмисиз?! Андижон вилояти, Асака тумани, Тоштепа қишлоғидан, 1939 йил, 19 ёшида ҳарбий хизматга кетган, Аҳмаджон Қозоқов орадан нақ 60 (!) йил ўтиб, 1999 йилда, Тоштепага қайтиб келади. Қишлоқ аҳли “кечиккан бола”сини карнай-сурнайлар билан кутиб олади. У урушдан кейин,  Франциянинг Марсель шахрида яшаб, француз қизи билан оила қуриб, 5 фарзанд ва бир қанча набираларга эга бўлган. Шундан кейин ҳам бир неча марта, туғилган қишлоғига ташриф буюрган Аҳмаджон Қозоқов 2006 йил Марсельда вафот этади. Васиятига кўра, жасади куйдирилиб, унинг кулини ўғли Мишель Ўзбекистонга олиб келиб, Тоштепадаги қабристонга, ўз яқинлари ёнига дафн этилади. Аҳмаджон Қозоқов, шундай ривожланган Марсельда бекаму-кўст яшаб туриб, оддийгина Тоштепани нима учун соғинди? Унга 80 ёшида ҳам тинчлик бермай, Ватанига келишга мажбур қилган омил нима? Балки Франциядек бой мамлакатда ҳамма нарсани топиш мумкиндир, лекин биздаги маҳалла–кўй, қариндош-уруғ, дўсту-биродарлар ўртасидаги мехр-оқибатни, "ўзбекчилик"ни ҳеч бир юртда топиб бўлмайди. Аҳмаджон Қозоқов хақида кўпроқ маълумот олиш учун, Асака ва Шаҳрихон йўлида жойлашган Тоштепага бордим. Буларнинг барчасини жияни (укасининг ўғли) Маъмур акадан эшитдим. Айтганча, унинг қабрига ўрнатилган тош расмини ҳам қўймоқчи эдим. Очиғи расмга олиш учун қабристонга киришни ўзимга эп кўрмадим. Одамлар асосан марҳумларни ёд этиб, Қуръон тиловат қилиш учун кирадиган масканга, бошқа мақсадда кириш нотўғридек туюлди.

Ўзлигимизни асрайлик. Оқибатимиз йўқолмасин!



1 комментарий: