среда, 5 февраля 2014 г.

Австралия-2015да соврин учун курашамизми?


        

Миллий терма жамоамиз олдида турган навбатдаги жиддий мусобақа — 2015 йил 11-31 январь кунлари Австралия яшил майдонларида бўлиб ўтадиган Осиё кубоги баҳслари. Қитъамизнинг энг нуфузли турнири бошланишига деярли 1 йил қолди. 2014 йилда бош жамоамиз учун расмий ўйин жуда кам. Шу йилнинг 5 март санасида Осиё кубогига саралашнинг сўнгги учрашувида БАА термасини қабул қиламиз. Учрашув аҳамияти эса деярли ўртоқлик учрашувига тенглиги барчага маълум. Сабаби ҳар иккала терма жамоа Австралия йўлланмаси тақдирини расман ҳал қилиб бўлган. Белгиланган бошқа ФИФА кунларида эса ўртоқлик учрашувларига зўр беришимизга тўғри келади. Аммо ким билан ўйнаймиз? Аниқ эмас. Энг ёмони ҳам мана шунда. Жуда кўп терма жамоалар аллақачон 2014 йил режасини тузиб бўлган. Қачон, ким билан ўйнашини белгилаб, аниқ режа тузиб олган. Бизда эса лоақал 1 тагина бўлса ҳам тайинли ўртоқлик учрашуви ҳали-ҳануз белгиланмади. Жиддий терма жамоалар ўзлари ўтказадиган ўртоқлик ўйинларини анча аввал режалаштириб олиши ҳисобга олсак, ўзини ҳурмат қилган термалар камдан-кам ҳолларда шошилинч ўртоқлик ўйинлари ташкил қилишади. Ҳозирдан аниқ режа тузиб олмас эканмиз, 2014 йилда ҳам кучли терма жамоалар билан ўйнашдан умид узсак бўлаверади. 
Вақт кутиб турмайди. Бу кетишда МТЖ тиғиз фурсат қолганда яна “Локомотив” ёки “ПФЛ термаси” билан ўйнайдими? Наҳотки ЖЧ-2014 саралашидаги аламли натижа бизга сабоқ бўлмаган бўлса? Биз қитъа кубогида совринли ўринлар учун курашмоқчимиз. Лекин савол туғилади: Осиёнинг грандлари Япония, Ж.Корея, Австралия, Эрон термалари Бразилиядаги мундиалда жаҳоннинг манаман деган термалари билан ўйнаб, бебаҳо тажрибага эга бўлади. Хўш, бу рақибларга ўзаро “оқлар” ва “кўклар”га бўлиниб ўртоқлик ўйини ўтказиб борган жамоамиз қандай бас кела олади?! Ўртоқлик учрашувлари ташкил этишга масъул Терма жамоалар марказини танқид қилмаган журналист ёки мухлис қолмади хисоб. Лекин натижа кўринмаяпти. Акс ҳолда остонада турган бутун бошли 2014 йил учун атиги 1та бўлса ҳам ўртоқлик учрашуви белгиланган бўларди. 

Ўртоқлик ўйинлари ташкил этиш биз учун нимага борган сари мураккаб масалага айланиб бормоқда? ЎФФ раҳбари томонидан маблағ етарли эканлиги айтилмоқда. Шунингдек, терма жамоамиз ҳам ўзига яраша кучга эга. Ҳар ҳолда Осиёда кучлилардан биримиз. Исталган термага ўртоқлик ўйини таклиф қилишга тортинмаймиз, ўрнимиз бор. УЕФАнинг Грузия, Белорусия, Литва каби термалари олдида ожиз рақиб эмасмиз. Йўлини қилсак бу каби терма жамоалар билан ўртоқлик ўйини ўтказиш бу қадар глобал муаммо бўлмаслиги керак. Нима халақит беряпти бизга?

Менимча “Марказ”га халқаро тажрибага эга ва ўз ишини яхши тушунган профессионал мутахассис жуда зарур. Бундай мутахассис Ўзбекистонда йўқми? Албатта бор, бу — Алишер Никимбаев. 

ЎФФдан сўнг ОФКда бир неча йил ишлаб, ўтган йили БААда бўлиб ўтган Ўсмирлар ўртасидаги жахон чемпионати ташкилий қўмитасида ишлаган А.Никимбаев қитъамизнинг етакчи мутахассисларидан бири ҳисобланади. Нима учун шундай мутахассисдан ЎФФ фойдаланмаяпти? Наҳотки у ТЖМга фойда келтира олмаса? Ёхуд ОЧЛда ўринларни бирин-кетин бой бериб келаётган ПФЛга Никимбаевни нафи тегмайдими? Ахир айнан Никимбаев ОЧЛ квоталари тақсимлаш учун ОФКга аъзо мамалакатларда ўтказилган текширувларда комиссия аъзоларидан бири бўлиб фаолият кўрсатгани ҳаммага маълумку. Ҳар бир соҳанинг энг кучли мутахассисларини ишга жалб этишга одатланган араб давлатлари бекорга уни ишга таклиф қилишмаганди. Никимбаев ОФКдан кетган вақтлар ЎФФга чақиришса албатта ишлашга тайёр эканлигини айтиб ўтган эди. Ўйлайманки, футболимиз раҳбари истаса, Никимбаевни ЎФФга қайтариш муаммо бўлмаса керак. Мираброр Усмоновдан илтимос қилардим, Алишер Никимбаевни ЎФФга қайтаринг. Бундай мутахассис бизга айни вақтда сув ва ҳаводек зарур.

1 комментарий: