понедельник, 17 февраля 2014 г.

"Анжи" дарвозабони Евгений Помазан - Ўзбекистон термаси учун ўйнаши мумкин.



Эрон терма жамоасининг ЖЧ2014 баҳсларидаги муваффақият қозониб, Бразилия йўлланмасини қўлга киритишида Ашкан Дежага (“Фулхем”, Англия) ва Ризо Ғучаннажод (“Чарльтон”, Англия) жуда катта ҳисса қўшгани барчага маълум. 

Ашкан Дежага ҳар бир баҳсда етакчиликни ўз қўлига олган бўлса, Ғучаннажод ҳал қилувчи баҳларнинг ҳар бирида муҳим голларга муаллифлик қилди. Биз учун мундиал эшикларини беркитган, меҳмонда Жанубий Корея дарвозасига киритилган голга ҳам айнан Ғучаннажод муаллифлик қилди. Эътиборли томони, бу футболчилар асли Эронда туғилган бўлса-да, айнан ЖЧ2014 саралаш баҳслари арафасидагина терма жамоага қўшиб олинди. Унга қадар эса, бу футболчилар Германия ва Голландия фуқаролари ҳисобланишарди. Ҳар иккала футболчи, мазкур давлатлар байроғи остида майдонга тушишга ҳам улгурганди. Ашкан Дежага Германиянинг U17, U19, U21 терма жамоалари таркибида тўп сурган бўлса, бу йилдан Англиянинг “Чарльтон” клубида фаолиятини давом эттираётган Ғучаннажод, Эрон миллий терма жамоасига келгунга қадар, Голландиянинг U16, U17, U18, U20 терма жамоалари таркибида тўп сурганди. ФИФА қодаларига кўра, бу футболчиларнинг, Эрон термаси сафида майдонга тушиши учун айнан Эрон давлатида туғилганлиги асос бўлиб ҳизмат қилган. 

Буни қарангки, бу каби тақдирга эга футболчини терма жамоага қўшиб олиш имконияти, биз учун ҳам мавжуд. Россиянинг “Анжи” жамоаси айни вақтдаги асосий дарвозабонига айланган Евгений Помазан юртимизнинг Ангрен шахрида туғилган. Кейинчалик оиласи билан Россияга кўчиб кетган. Россия ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари таркибида тўп сурган бўлса-да, миллий терма жамоасига хозиргача жалб этилмаган.

Ҳозирги пайтда терма жамоамизда Игнатий Нестеровга жиддий рақобатчи кўзга ташланмаяпти. Унинг жароҳат олиши, Қатар–2011 ярим финалида бизга қанчалар қимматга тушгани, барчага маълум. Нестеровнинг терма жамоамиз учун қилган, кўп йиллик меҳнатини эътироф этмасак, адолатсизлик бўлади. Шу билан бирга, баъзан ўта муҳим ўйинларда, Нестеров ҳам кутилмаган голларни ўтказиб юборишини айтмай илож йўқ. Аввалги ЖЧ саралашларида Баҳрайндан ўтказиб юборилган голлар ёки ЖЧ-2014 саралашида Ливанда ўтказиб юборилган аянчли голни эслашнинг ўзи кифоя. Қолаверса, “Локомотив” ва “Насаф”нинг ОЧЛ баҳсларидан эрта чиқиб кетганлиги, терма жамоамиз дарвозабонлари Нестеров ва Суюновнинг ҳам зарарига ишлаши турган гап. Боиси 2014 йилги мавсум ҳисобидан, уларнинг халқаро тажрибага эга бўлиш имконияти поёнига етди ҳисоб. Терма жамоа таркибида ҳам 5 мартда БААга қарши майдонга тушиши мумкин холос. Бундан бошқа ҳалқаро ўйин йўқ. Балки ўртоқлик учрашувлари ўтказилар, лекин ҳали хануз бирортаям учрашув белгиланмади. Австралия-2015 бошланишига эса бир йилдан озроқ вақт қолмоқда

Агар навбатдаги Осиё кубогида терма жамоамизнинг юқори натижаларга эришишини истасак, дарвоза чизиғимизни ҳам мустаҳкамлашимиз керак. Биз учун энг камида Нестеров даражасидаги яна битта дарвозабон жуда ҳам зарур. Ўйлайманки, бу муаммони Евгений Помазан орқали бемалол ҳал қилиш мумкин. Унинг терма жамоамиз таркибига қўшиб олиниши, дарвоза чизиғимиз мустаҳкамланишига ҳизмат қилиши турган гап. Россия ўсмирлар ва ёшлар термалари таркибига жалб этилганлиги ва РПЛда фаолият олиб бораётгани бежиз эмас. Насиб этса, кўп йиллар давомида терма жамоамиз дарвозасини қўриқлаши мумкин. Ўйлайманки, футболимиз мутасаддилари буни эътиборсиз қолдирмайдилар ва Помазан билан алоқага чиқиб кўрадилар. Зеро, бундан фақат Ватанимиз футболи ютади.

МАЪЛУМОТ УЧУН:
Евгений Помазан 1989 йил, 31 январь куни Ангрен шаҳрида туғилган. 
Бўйи – 193 см, 
Вазни – 85 кг
Ўйнаган клублар: “Кубан”, ЦСКА, “Урал”, “Спартак-Нальчик”, “Анжи” (ҳозирги вақтда).
Терма жамоалар сафида: 2005-2006 - Россия U17, 2009 - Россия U21.

Комментариев нет:

Отправить комментарий