понедельник, 24 февраля 2014 г.

Бировнинг уйи



Талабалик йилларим эди. Вилоятимизнинг чекка, асосан чўл ҳудудда жойлашган, туманларидан бирида билан пахта терардик. Сахарлаб далага чиқардик. Соат 10:30ларгача 15-20 кило пахта териб қўярдим. Уёғига кун анча исиб кетарди ва терган пахтамни бошимга ёстиқ қилиб дам олардим.

Ўша куни ҳам шундай бўлганди. Терган пахтамни устида озгина мизғиб олдим. Уйғониб қарасам, курсдошларим анча нарига кетиб қолишибди. Кун иссиқлигидан, роса чанқаганман. Аксига олиб, ичгани ёнимда ҳеч нарса йўқ. Қарасам, дала четида бир уй бор экан. Ҳали тушликка эрта эди. Унгача шу уйга кириб, сув ичиб чиқишга қарор қилдим. Пахтамни қолдириб ўзим уй томон йўлга чиқдим. Уйнинг дала томонга қараган, орқа эшигидан чақира бошладим. Аслида эшик ҳам йўқ эди. Шундоқ ғўзапоялардан девор қилинган, ўртада икки метрча жой йўлак сифатида очиқ қолдирилган. Ҳеч ким жавоб бермасди. Афтидан уй эгалариям далага чиқиб кетган шекилли. Янада яқинроқ бориб, баландроқ овозда чақира бошладим. Ҳеч ким йўқ. Уй сахнидаги, стол устида икки – учта челак бор экан. Ичида сув бўлса керак, “уй эгаси йўқ бўлса ҳам озгина ичиб кетаман” деб ўйладим. Чақира – чақира челак томон яқинлашиб бордим. Уй саҳнига етиб, шундоқ челакка қўл узатаётгандим, кўча томондан қандайдир шарпа эшитилди. Ўгирилиб қарасам, нақ эшшакдек келадиган, "олапар"-ит мен томонга қараб, шиддат билан югуриб келяпти. Ҳайбатидан, мени ана шу ернинг ўзида тилка-пора қилиб ташларди. Қочиб қутулиш – деярли имконсиз, ит билан орамиз атига 20-30 қадамгина эди. Таваккал ортимга қараб югурдим. Олапар етиб олиши, аниқ бўлса ҳам нимадир қилишим керак-ку?. Талвасада, кўзим томга тираб қўйилган нарвонга тушди. Ўша вақтда ўзимда “пожарный”чиларга хос, ҳислат борлигини ҳис этганман. Оёқ қўлим “тегиб-тегмай” нарвонга чиқиб кетдим. Шимим пойчасини озгина қисми олапарда қолганини ҳисобга олмаганда, ҳаммаси жойида эди. Томга чиқдиму ётиб қолдим. Хансираб чуқур-чуқур нафас олардим. Олапар олд оёқларини нарвонга қўйса, нарвонни ярмигача етиб қоларкан. Томга қараб бор овози билан “аккиларди”. Бироз ётиб ўзимга келгач, ғазаб билан ўрнимдан турдимда, томда турган узун ёғоч билан олапарни ура кетдим. Энди нарвондан тушволиб “аккилай” бошлади. Томдан атрофга аланглайман, ҳеч ким йўқ. Аввал дала томонга кейин саал нарироқдаги уйларга қараб бор овозим билан бақирдим. Ким боооор? Ёрдам беринглааар...” Ҳеч ким йўқ. Камига, мен бақирган сари, олапар ҳам менга “жўр бўлиб” ҳурирди. Фойдаси бўлмади, атрофдан садо йўқ. Томга босилган сомон устига ағанаб ётдим. Олапар ҳам тиниб қолди. Бироздан кейин кетдимикин секин мўраласам, нарвон тагида ётибди. Тамом. Уй эгаси келишини кутишдан бошқа, чорам қолмади.

Атроф сокин, сомон устида уй эгаси келишини кутиб ётавердим. Кўзим илиниб, уҳлаб қолипман. Пастдаги одам шарпасидан уйғониб кетдим. Қарасам кун ботай деяпти. Олапарнинг эгалари келган экан. Бир аёл, иккита бўйига етган қизлари билан кечги овқатга уриниб ётишипти. Афтидан уй эгалари келганига анча бўлган. Айтганча, шу аҳволда ҳам ҳалиги қизларнинг “кўхликкина”лиги эътиборимни тортгани рост.
Шунча вақт уй эгаси келишини интизор бўлиб кутган одам, уларга “нима деб?” гап бошлашни билмай қолдим. Томдан туриб, уларга, “Ассалому алайкум. Кечирасизлар, мен томиларда эдим...” десам, қўрқиб кетмасмикин ?, ёки “сен ўғирликка тушгансан...” десачи?.  Мени кўрган захоти, “дод-вой” қилиб юборсая, Бошим қотиб қолди. Гапни нимадан бошлашни билмай, уй саҳнида юрган қизларга қараб, ўйланиб тургандим. Ҳалиги аёл: “Даданг келди. Қўлига сув опке, сочиқ қани? “ деб қолди. Қарасам кўриниши “Қутлуқ қон”даги, Қора Ахмадни эслатадиган мўйловли, басавлат одам. Рангим ўчиб кетди. Мўралаб турган одам, “Сезиб қолмасин” деб сомон тагига яхшилаб писиб олдим.
Энди тамом бўлди. Аввал нима деб, гап бошлашни билмай турган бўлсам. Энди, умуман бу фикрдан қайтдим. Қишлоқ одамидан ҳар нарса кутиш мумкин. Бояги эҳтимолларга, яна бир эҳтимол қўшилди. Агар отаси “Сен қизларимни ёнига кегансан” деса, тамомман. Нақ “олапарга ем” қилиб беради. Хуллас, оғир ахволда  қолдим. Айтганча бу вақтга келиб, бояги қизлар умуман эътиборимни тортмай қўйганди. Ўй-ҳаёлим фақат битта одам – отасида эди. Секин мўраласам, ташқаридаги сўрида тўртовлон қорин тўйғазишяпти. Олапар ҳам ўша ерда, сўрини тагида ётипти. Шом махал бўлиб қолган. Таваккал дала томонга югуришга қарор қилдим. Оёғимни учида бориб, нарвондан туша бошладим. Йўқ..., эплолмадим. “Ғизиллаб” олапар етиб келди ва нарвонга “тирмашиб” ҳурий бошлади. Эмаклаб бориб, сомон тагига кириб кетдим. Сўрида ўтирган аёл: ”Қарачи, ит бунча аккилади деб қолди. Қизларидан бири орқа тарафга ўтиб, “Томга қараб ҳурияпти, нарвонга чиқиб олган” деди. Отаси “Тинчликмикин, бунақа қимасди-ю, хозир бораман” дея cўридан тушди-да. “Четга ўтиб турчи...” дея нарвонни “ғарсиллатиб” тепага чиқа бошлади. Ўша вақтда, сомон тагида ётиб, кўнглимдан ўтказганларимни сўз билан тушунтириб беролмайман.  Дахшатнинг - ўзгинаси эди. Қизиғи, бундай вақтда мия ҳам тез ишларкан, қисқа фурсат ичида ҳаёлимдан ўтмаган нарса қолмади ҳисоб. Курсдошларимдан тортиб, ота-онамгача бир-бир эслаб ўтдим.  Шу онда, ўзимдаги яна бир ҳислатни кашф этдим. Мендан яхши “ғаввос” ҳам чиқиши мумкин.Сомон тагида, чамаси 5-6 дақиқа нафас олмай, қотиб турдим. “Ҳеч нарса йўқку, мушук-пушук чиққандирда” Отанинг бу овози томда янгради.” Бирор егулик бериш итга, эрталабдан бери оч ётгандир ” бу гапларни айтиб нарвондан тушиб кетди.

Ҳайрият, ҳайрият. Чуқур-чуқуп нафас олдим. Ҳамма уйга кириб, ташқарида қизларнинг биттаси қолди. Дастурхон йиғиштиряпти. Олапарга ҳам бир нима берибди шекилли. Зўр бериб, қорин тўйдиряпти. Улар томонга айвондаги чироқ нури тушиб тургани учун аниқ кўринарди. Мен томон эса қоронғу эди. Илдам бориб нарвондан тушдимда, орқа олдимга қарамай югурдим. Олапарни овози эшитила бошлаганда, уйдан чиқиб ғўзалар орасига кириб улугургандим. Узоқ қувимади. Уйидан 40-50  метргача “кузатиб қўйгач” ортига қайтди. Курсдошларга бўлган воқеани айтиб, роса кулишдик. Роса кулишдик. Ҳал гал далада кимдур, ” чанқадим, кимда сув бор? ” деб сўраса. Ҳамма менга қарата ”Сен биласан-ку қаерда сув борлигини, айтиб бергин, бу ҳам  ичиб келсин” деб кулишарди.   
       

Комментариев нет:

Отправить комментарий