понедельник, 24 февраля 2014 г.

Бировнинг уйи



Талабалик йилларим эди. Вилоятимизнинг чекка, асосан чўл ҳудудда жойлашган, туманларидан бирида билан пахта терардик. Сахарлаб далага чиқардик. Соат 10:30ларгача 15-20 кило пахта териб қўярдим. Уёғига кун анча исиб кетарди ва терган пахтамни бошимга ёстиқ қилиб дам олардим.

Ўша куни ҳам шундай бўлганди. Терган пахтамни устида озгина мизғиб олдим. Уйғониб қарасам, курсдошларим анча нарига кетиб қолишибди. Кун иссиқлигидан, роса чанқаганман. Аксига олиб, ичгани ёнимда ҳеч нарса йўқ. Қарасам, дала четида бир уй бор экан. Ҳали тушликка эрта эди. Унгача шу уйга кириб, сув ичиб чиқишга қарор қилдим. Пахтамни қолдириб ўзим уй томон йўлга чиқдим. Уйнинг дала томонга қараган, орқа эшигидан чақира бошладим. Аслида эшик ҳам йўқ эди. Шундоқ ғўзапоялардан девор қилинган, ўртада икки метрча жой йўлак сифатида очиқ қолдирилган. Ҳеч ким жавоб бермасди. Афтидан уй эгалариям далага чиқиб кетган шекилли. Янада яқинроқ бориб, баландроқ овозда чақира бошладим. Ҳеч ким йўқ. Уй сахнидаги, стол устида икки – учта челак бор экан. Ичида сув бўлса керак, “уй эгаси йўқ бўлса ҳам озгина ичиб кетаман” деб ўйладим. Чақира – чақира челак томон яқинлашиб бордим. Уй саҳнига етиб, шундоқ челакка қўл узатаётгандим, кўча томондан қандайдир шарпа эшитилди. Ўгирилиб қарасам, нақ эшшакдек келадиган, "олапар"-ит мен томонга қараб, шиддат билан югуриб келяпти. Ҳайбатидан, мени ана шу ернинг ўзида тилка-пора қилиб ташларди. Қочиб қутулиш – деярли имконсиз, ит билан орамиз атига 20-30 қадамгина эди. Таваккал ортимга қараб югурдим. Олапар етиб олиши, аниқ бўлса ҳам нимадир қилишим керак-ку?. Талвасада, кўзим томга тираб қўйилган нарвонга тушди. Ўша вақтда ўзимда “пожарный”чиларга хос, ҳислат борлигини ҳис этганман. Оёқ қўлим “тегиб-тегмай” нарвонга чиқиб кетдим. Шимим пойчасини озгина қисми олапарда қолганини ҳисобга олмаганда, ҳаммаси жойида эди. Томга чиқдиму ётиб қолдим. Хансираб чуқур-чуқур нафас олардим. Олапар олд оёқларини нарвонга қўйса, нарвонни ярмигача етиб қоларкан. Томга қараб бор овози билан “аккиларди”. Бироз ётиб ўзимга келгач, ғазаб билан ўрнимдан турдимда, томда турган узун ёғоч билан олапарни ура кетдим. Энди нарвондан тушволиб “аккилай” бошлади. Томдан атрофга аланглайман, ҳеч ким йўқ. Аввал дала томонга кейин саал нарироқдаги уйларга қараб бор овозим билан бақирдим. Ким боооор? Ёрдам беринглааар...” Ҳеч ким йўқ. Камига, мен бақирган сари, олапар ҳам менга “жўр бўлиб” ҳурирди. Фойдаси бўлмади, атрофдан садо йўқ. Томга босилган сомон устига ағанаб ётдим. Олапар ҳам тиниб қолди. Бироздан кейин кетдимикин секин мўраласам, нарвон тагида ётибди. Тамом. Уй эгаси келишини кутишдан бошқа, чорам қолмади.

Атроф сокин, сомон устида уй эгаси келишини кутиб ётавердим. Кўзим илиниб, уҳлаб қолипман. Пастдаги одам шарпасидан уйғониб кетдим. Қарасам кун ботай деяпти. Олапарнинг эгалари келган экан. Бир аёл, иккита бўйига етган қизлари билан кечги овқатга уриниб ётишипти. Афтидан уй эгалари келганига анча бўлган. Айтганча, шу аҳволда ҳам ҳалиги қизларнинг “кўхликкина”лиги эътиборимни тортгани рост.
Шунча вақт уй эгаси келишини интизор бўлиб кутган одам, уларга “нима деб?” гап бошлашни билмай қолдим. Томдан туриб, уларга, “Ассалому алайкум. Кечирасизлар, мен томиларда эдим...” десам, қўрқиб кетмасмикин ?, ёки “сен ўғирликка тушгансан...” десачи?.  Мени кўрган захоти, “дод-вой” қилиб юборсая, Бошим қотиб қолди. Гапни нимадан бошлашни билмай, уй саҳнида юрган қизларга қараб, ўйланиб тургандим. Ҳалиги аёл: “Даданг келди. Қўлига сув опке, сочиқ қани? “ деб қолди. Қарасам кўриниши “Қутлуқ қон”даги, Қора Ахмадни эслатадиган мўйловли, басавлат одам. Рангим ўчиб кетди. Мўралаб турган одам, “Сезиб қолмасин” деб сомон тагига яхшилаб писиб олдим.
Энди тамом бўлди. Аввал нима деб, гап бошлашни билмай турган бўлсам. Энди, умуман бу фикрдан қайтдим. Қишлоқ одамидан ҳар нарса кутиш мумкин. Бояги эҳтимолларга, яна бир эҳтимол қўшилди. Агар отаси “Сен қизларимни ёнига кегансан” деса, тамомман. Нақ “олапарга ем” қилиб беради. Хуллас, оғир ахволда  қолдим. Айтганча бу вақтга келиб, бояги қизлар умуман эътиборимни тортмай қўйганди. Ўй-ҳаёлим фақат битта одам – отасида эди. Секин мўраласам, ташқаридаги сўрида тўртовлон қорин тўйғазишяпти. Олапар ҳам ўша ерда, сўрини тагида ётипти. Шом махал бўлиб қолган. Таваккал дала томонга югуришга қарор қилдим. Оёғимни учида бориб, нарвондан туша бошладим. Йўқ..., эплолмадим. “Ғизиллаб” олапар етиб келди ва нарвонга “тирмашиб” ҳурий бошлади. Эмаклаб бориб, сомон тагига кириб кетдим. Сўрида ўтирган аёл: ”Қарачи, ит бунча аккилади деб қолди. Қизларидан бири орқа тарафга ўтиб, “Томга қараб ҳурияпти, нарвонга чиқиб олган” деди. Отаси “Тинчликмикин, бунақа қимасди-ю, хозир бораман” дея cўридан тушди-да. “Четга ўтиб турчи...” дея нарвонни “ғарсиллатиб” тепага чиқа бошлади. Ўша вақтда, сомон тагида ётиб, кўнглимдан ўтказганларимни сўз билан тушунтириб беролмайман.  Дахшатнинг - ўзгинаси эди. Қизиғи, бундай вақтда мия ҳам тез ишларкан, қисқа фурсат ичида ҳаёлимдан ўтмаган нарса қолмади ҳисоб. Курсдошларимдан тортиб, ота-онамгача бир-бир эслаб ўтдим.  Шу онда, ўзимдаги яна бир ҳислатни кашф этдим. Мендан яхши “ғаввос” ҳам чиқиши мумкин.Сомон тагида, чамаси 5-6 дақиқа нафас олмай, қотиб турдим. “Ҳеч нарса йўқку, мушук-пушук чиққандирда” Отанинг бу овози томда янгради.” Бирор егулик бериш итга, эрталабдан бери оч ётгандир ” бу гапларни айтиб нарвондан тушиб кетди.

Ҳайрият, ҳайрият. Чуқур-чуқуп нафас олдим. Ҳамма уйга кириб, ташқарида қизларнинг биттаси қолди. Дастурхон йиғиштиряпти. Олапарга ҳам бир нима берибди шекилли. Зўр бериб, қорин тўйдиряпти. Улар томонга айвондаги чироқ нури тушиб тургани учун аниқ кўринарди. Мен томон эса қоронғу эди. Илдам бориб нарвондан тушдимда, орқа олдимга қарамай югурдим. Олапарни овози эшитила бошлаганда, уйдан чиқиб ғўзалар орасига кириб улугургандим. Узоқ қувимади. Уйидан 40-50  метргача “кузатиб қўйгач” ортига қайтди. Курсдошларга бўлган воқеани айтиб, роса кулишдик. Роса кулишдик. Ҳал гал далада кимдур, ” чанқадим, кимда сув бор? ” деб сўраса. Ҳамма менга қарата ”Сен биласан-ку қаерда сув борлигини, айтиб бергин, бу ҳам  ичиб келсин” деб кулишарди.   
       

среда, 19 февраля 2014 г.

Шум бола

Бу хазил мақола 29 02 2012 да ўтказилган Япония - Ўзбекистон 0:1 учрашувидан кейин ёзилган ва uff.uz да эълон қилинганди. Эслатиб ўтаман, ўшанда ўйин СпортТВда тўғридан-тўғри олиб кўрсатилмаганди. Ўйинни интернетдан матнли трансляция орқали кузатишга мажбур бўлганмиз.                                    

Ассалому алайкум! қадрли футбол муҳлислари. Кечаги байрам билан яна бир бор табриклашга ижозат бергайсиз. Бай-бай бу кунларни қачалик орзиқиб кутдига...
Кеча компютеримга термула-термула дахшатли ҳаяжон билан бир амаллаб ўйинни якунлаб олдимда, қўшним 80 ёшларни қоралаб қолган ашаддий футбол мухлиси, Хожи тоғага ҳушҳабарни суюнчилаш илинжида, уйларига шошилдим. Дарвозасини олдига келгач бироз ўйланиб қолдим, сабаби Хожи тоғамми қон босимлари бор, тез-тез ўйнаб туради. Бирданига бу ҳабарни кўтара олармикинлар? Майли аста секинлик билан бир амалларман дедимда чақирдим.
Хожи тоғааа ? Хоо Хожи тоға ? Ичкаридан салобатли овозлари билан Хожи тоғам “кел , кир-киравер” дедилар. Эшикни очдимда, уй тўрисида кампири билан чақ-чақлашиб,савлат тўкиб ўтирган бобомни олдига тиззаларим билан дўқ-дўқ қилиб эмаклаб бордимда:

- Асссаломуу алайкуууум Хожи бобо соғликлариз яхшими? 
- Дуруст-дуруст ёмон эмас. Бугунги ўйинни вақтида кўролмаётган бўлсак хам, кейинги босқич масаласини ҳал қилиб бўлганмизку. Ха ха ха (мийиғида кулади). Хўш нима хизмат билан келдинг?
- Шу ўзим бобо сизи соғинибман биир кўриб кетай дегандим.
- Ҳа, ҳа баракалла! Баракалла! Барибир бирор муддаоинг бордир ? қани гапир?
- Шу..  шууу бугун саралашни охирги тур ўйинлари бўлаётгандию ...
- Хўўўўш иннан кейинчи? Ўзбекистон нима бўлди ? анови телпонингними, кампютриними ковлаб, хар балони билиб турардингку?
- Шу..., ўййин, ббўлди, ккейин ...
- Хўўўш. Иннанкейинчи? Ҳисоб қанақа бўлди ?
- Хисоб, хисоб шу хисоб, шуу хисоб, яҳши бўптии
- Хой бола нималар деб алжираяпсан? Японлар нечта урди ?
- Шууу, шу японлар уролмади хожи бобо.
- Хой сен бола сен миянгни едингми? Болларни ярми бормай ўрнига ёшлар кетган бўлса, Жапонлар дунёни хар бир бурчагида ўйнайдиган самурайларини йиғиб олган бўлса? Қанақасига уролмаслиги  мумкин?
- хееей ўзиз хам жааа одамни хит қивордиз Хожи бобо. Хаммаларини йиғилиб хам биззи Вадим акани тактикаси билан анови кўзида олов чақнаган ёшларга бас кела олмаса менда нима айб..?
- Нималар деяпсан хой бола?  нима бўлди ўзи? Японлар уролмаган бўлса бизикиларчии? бизикилаар? (хожи бобомми ранги ўзгара бошлади)
- халиги анови кичкинтой футболчиз Шадрин, мен хам гол уриб қолармикинман деб хужумга борганакан, қанотдан оширилган тўпга Насимов калла қўйибтию, варатар тўсганакан. Қайтган тўпни Шадрин битта тепибтию ГООООООООООООООЛ!!!!!! Деб юборибди. Ютиб қўйдик Хожи бобо
- Нимааа ютдик.. ? Голлл ...?  Шадринннн....?
деганча кўзига ёш тўлган бобом, чап кўкракларини ушлаб ён бошлаб қолди. Кампири чой тутган, келинлари сув сепган, мен олдиларида қалпоғим билан елпиган , бир амаллаб бобомни ўзига келтирдик. Ўзига келган бобом нур тўла юзларида табассум билан :
- Баракалла азаматлар яшшаворей! ЭЭЭ уруғинг кўпайгур ота-ўғиллар! Жапонларни адаб чўпини бериб қўйишибдию, ўйин деган мана бундоқ бўпти. Жапонларни ютганимизи кўрмай ўлиб кетаманмикин? девдим.Ҳаа бошинг тўйдан чиқмагурлар! Қани кампир? Бу тирмизакка битта дўппи кийдириб қўйгин.

Шунақа гаплар.. Хозир дўппими кийиб кетяпман. Хожи бобом ошга чақирган. Кирмасам ҳафа бўлади. Кечаги байрамни нишонлаб бииир ошхўрлик қилайлик. 

понедельник, 17 февраля 2014 г.

Ўзбекчилик


Оилавий телевизор томоша қилаётганимизда, қўлимда пульт билан ҳушёр туришга мажбурман. Чунки, ота ва қиз, қайнота ва келин ёки она ва ўғил биргаликда кўраётганда, юзларини мулзам қиладиган эпизодлар, реклама ёки мультфильмларда ҳам учраб қолиши мумкин. Шуни инобатга олган холда, дархол бошқа каналга олишга шай тураман. Ишонаманки юртимиздаги аксарият оилаларда, шундай манзара кузатилади. Ярим-ялонғоч ёки эҳтирос уйғотувчи лавҳаларни оилавий томоша қилиш, динимизга ҳам “ўзбекчилик”rа ҳам тўғри келмайди. 

Ўғлим ўқийдиган мактаб, шундоққина катта йўл бўйида жойлашган. Ҳар куни эрталабдан, битта ўқитувчи, кўчада навбатчи туради. Навбатчи ўқитувчининг вазифаси - ўқувчилар автомобиль йўлини кесиб, мактаб томонга ўтишларига кўмаклашиш. Агар навбатчи йўқ бўлса, пиёдалар йўлакчаси бўлишига қарамай, ҳайдовчилар ўқувчиларни ўтказиб юборгиси келмайди. Машиналар “ғизиллаб” ўтаверади. Сумка кўтарган ўқувчилар, йўл четида тураверади. Одатда бизнинг ҳайдовчилар, фақат ДАН ҳодими кузатиб тургандагина, қоидага тўлиқ амал қиладилар. Бошқа пайтлар эса, ўзбекчилик...

Баъзида ҳамкасблар билан ўзаро, раҳбаримизнинг хато ва камчиликларини муҳокама қилиб қоламиз. Лекин, хеч биримиз, бу камчиликларни унинг юзига айтишга ботинолмаймиз (ёки қўрқамиз). Ютуқлари ва яхши томонларини эса, ҳаммамиз унинг ўзига қайта-қайта айтиб мақтаймиз. Гурунглашиб қолганимизда, бошлиғимиз айтган латифа қизиқарсиз бўлса ҳам, ҳаммамиз кулишга ҳаракат қиламиз. Балки, бу ҳам “ўзбекчилик”дир?!

Дўстим қайнотаси билан бирга ишларди. Яқинда билсам, иш жойини ўзгартирибди. “Нимага бундай қилдинг?” десам. “Қайнота-куёв бирга ишлаш ўзбекчиликка тўғри келмаскан”, дейди.

Бобомдан, “динимизда аза - 3 кун, дейилган бўлса, ”Йигирма”, “Қирқ”, “Йил” каби маросимлар нимага керак?“ деб сўрасам. “Энди болам, бу одатларни қилмасанг, одамлар айб қилиши мумкин. “Ўзбекчилик”да шундай дейди.  

Жуда ривожланган давлатда яшайдиган, бадавлат ва ўзини “олий маданият эгаси” деб билгувчи танишимнинг, ота–онаси қариялар уйида яшайди. Ўзимиздан қўймасин. “Маданиятсиз” ёки ночорроқ қария ҳам ўз уйида яшайди. Уйида “газ” ёки “свет”дан муаммо бўлиши мумкин. Лекин мехр–оқибатдан муаммо йўқ. Уйини бўлмасаям, кўнглини ёритиб, иситиб туради. 

Ўтган йили МДҲ давлатлари фуқаролари ўртасида ўтказилган сўровга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 95% бошқа мамлакатга (совуқ ва қоронғу уйларини ташлаб) бутунлай кўчиб кетишни истамаслигини, айтган. Бу МДҲдаги энг юқори натижа. Эътиборлиси, энг кўп чет давлатларга бориб ишлайдиган ҳам бошқа юртга кўчиб кетишни истамайдиган ҳам бизнинг ҳалқимиз. Шу ўринда яна баъзи муаммолар хақида ёзмоқчи эдим. “Ўзбекчилик” қилиб ёзолмадим... Тинчлигимизга кўз тегмасин. Биз борига қаноат қилиб ўрганган ҳалқмиз. 

Ўзбекистоннинг битта қишлоғи берган ҳузур-халоватни, дунёнинг мана-ман деган шаҳарлари беролмаслиги мумкин. Бу "сийқаси чиққан" ёки баландпарвоз гаплар эмас. Гапимнинг исботи сифатида қуйидаги воқеани келтираман.

Ҳарбий хизматга кетиб, уйига жуда кеч қайтган бирор аскарни эшитганмисиз?! Андижон вилояти, Асака тумани, Тоштепа қишлоғидан, 1939 йил, 19 ёшида ҳарбий хизматга кетган, Аҳмаджон Қозоқов орадан нақ 60 (!) йил ўтиб, 1999 йилда, Тоштепага қайтиб келади. Қишлоқ аҳли “кечиккан бола”сини карнай-сурнайлар билан кутиб олади. У урушдан кейин,  Франциянинг Марсель шахрида яшаб, француз қизи билан оила қуриб, 5 фарзанд ва бир қанча набираларга эга бўлган. Шундан кейин ҳам бир неча марта, туғилган қишлоғига ташриф буюрган Аҳмаджон Қозоқов 2006 йил Марсельда вафот этади. Васиятига кўра, жасади куйдирилиб, унинг кулини ўғли Мишель Ўзбекистонга олиб келиб, Тоштепадаги қабристонга, ўз яқинлари ёнига дафн этилади. Аҳмаджон Қозоқов, шундай ривожланган Марсельда бекаму-кўст яшаб туриб, оддийгина Тоштепани нима учун соғинди? Унга 80 ёшида ҳам тинчлик бермай, Ватанига келишга мажбур қилган омил нима? Балки Франциядек бой мамлакатда ҳамма нарсани топиш мумкиндир, лекин биздаги маҳалла–кўй, қариндош-уруғ, дўсту-биродарлар ўртасидаги мехр-оқибатни, "ўзбекчилик"ни ҳеч бир юртда топиб бўлмайди. Аҳмаджон Қозоқов хақида кўпроқ маълумот олиш учун, Асака ва Шаҳрихон йўлида жойлашган Тоштепага бордим. Буларнинг барчасини жияни (укасининг ўғли) Маъмур акадан эшитдим. Айтганча, унинг қабрига ўрнатилган тош расмини ҳам қўймоқчи эдим. Очиғи расмга олиш учун қабристонга киришни ўзимга эп кўрмадим. Одамлар асосан марҳумларни ёд этиб, Қуръон тиловат қилиш учун кирадиган масканга, бошқа мақсадда кириш нотўғридек туюлди.

Ўзлигимизни асрайлик. Оқибатимиз йўқолмасин!



"Анжи" дарвозабони Евгений Помазан - Ўзбекистон термаси учун ўйнаши мумкин.



Эрон терма жамоасининг ЖЧ2014 баҳсларидаги муваффақият қозониб, Бразилия йўлланмасини қўлга киритишида Ашкан Дежага (“Фулхем”, Англия) ва Ризо Ғучаннажод (“Чарльтон”, Англия) жуда катта ҳисса қўшгани барчага маълум. 

Ашкан Дежага ҳар бир баҳсда етакчиликни ўз қўлига олган бўлса, Ғучаннажод ҳал қилувчи баҳларнинг ҳар бирида муҳим голларга муаллифлик қилди. Биз учун мундиал эшикларини беркитган, меҳмонда Жанубий Корея дарвозасига киритилган голга ҳам айнан Ғучаннажод муаллифлик қилди. Эътиборли томони, бу футболчилар асли Эронда туғилган бўлса-да, айнан ЖЧ2014 саралаш баҳслари арафасидагина терма жамоага қўшиб олинди. Унга қадар эса, бу футболчилар Германия ва Голландия фуқаролари ҳисобланишарди. Ҳар иккала футболчи, мазкур давлатлар байроғи остида майдонга тушишга ҳам улгурганди. Ашкан Дежага Германиянинг U17, U19, U21 терма жамоалари таркибида тўп сурган бўлса, бу йилдан Англиянинг “Чарльтон” клубида фаолиятини давом эттираётган Ғучаннажод, Эрон миллий терма жамоасига келгунга қадар, Голландиянинг U16, U17, U18, U20 терма жамоалари таркибида тўп сурганди. ФИФА қодаларига кўра, бу футболчиларнинг, Эрон термаси сафида майдонга тушиши учун айнан Эрон давлатида туғилганлиги асос бўлиб ҳизмат қилган. 

Буни қарангки, бу каби тақдирга эга футболчини терма жамоага қўшиб олиш имконияти, биз учун ҳам мавжуд. Россиянинг “Анжи” жамоаси айни вақтдаги асосий дарвозабонига айланган Евгений Помазан юртимизнинг Ангрен шахрида туғилган. Кейинчалик оиласи билан Россияга кўчиб кетган. Россия ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари таркибида тўп сурган бўлса-да, миллий терма жамоасига хозиргача жалб этилмаган.

Ҳозирги пайтда терма жамоамизда Игнатий Нестеровга жиддий рақобатчи кўзга ташланмаяпти. Унинг жароҳат олиши, Қатар–2011 ярим финалида бизга қанчалар қимматга тушгани, барчага маълум. Нестеровнинг терма жамоамиз учун қилган, кўп йиллик меҳнатини эътироф этмасак, адолатсизлик бўлади. Шу билан бирга, баъзан ўта муҳим ўйинларда, Нестеров ҳам кутилмаган голларни ўтказиб юборишини айтмай илож йўқ. Аввалги ЖЧ саралашларида Баҳрайндан ўтказиб юборилган голлар ёки ЖЧ-2014 саралашида Ливанда ўтказиб юборилган аянчли голни эслашнинг ўзи кифоя. Қолаверса, “Локомотив” ва “Насаф”нинг ОЧЛ баҳсларидан эрта чиқиб кетганлиги, терма жамоамиз дарвозабонлари Нестеров ва Суюновнинг ҳам зарарига ишлаши турган гап. Боиси 2014 йилги мавсум ҳисобидан, уларнинг халқаро тажрибага эга бўлиш имконияти поёнига етди ҳисоб. Терма жамоа таркибида ҳам 5 мартда БААга қарши майдонга тушиши мумкин холос. Бундан бошқа ҳалқаро ўйин йўқ. Балки ўртоқлик учрашувлари ўтказилар, лекин ҳали хануз бирортаям учрашув белгиланмади. Австралия-2015 бошланишига эса бир йилдан озроқ вақт қолмоқда

Агар навбатдаги Осиё кубогида терма жамоамизнинг юқори натижаларга эришишини истасак, дарвоза чизиғимизни ҳам мустаҳкамлашимиз керак. Биз учун энг камида Нестеров даражасидаги яна битта дарвозабон жуда ҳам зарур. Ўйлайманки, бу муаммони Евгений Помазан орқали бемалол ҳал қилиш мумкин. Унинг терма жамоамиз таркибига қўшиб олиниши, дарвоза чизиғимиз мустаҳкамланишига ҳизмат қилиши турган гап. Россия ўсмирлар ва ёшлар термалари таркибига жалб этилганлиги ва РПЛда фаолият олиб бораётгани бежиз эмас. Насиб этса, кўп йиллар давомида терма жамоамиз дарвозасини қўриқлаши мумкин. Ўйлайманки, футболимиз мутасаддилари буни эътиборсиз қолдирмайдилар ва Помазан билан алоқага чиқиб кўрадилар. Зеро, бундан фақат Ватанимиз футболи ютади.

МАЪЛУМОТ УЧУН:
Евгений Помазан 1989 йил, 31 январь куни Ангрен шаҳрида туғилган. 
Бўйи – 193 см, 
Вазни – 85 кг
Ўйнаган клублар: “Кубан”, ЦСКА, “Урал”, “Спартак-Нальчик”, “Анжи” (ҳозирги вақтда).
Терма жамоалар сафида: 2005-2006 - Россия U17, 2009 - Россия U21.

среда, 5 февраля 2014 г.

Австралия-2015да соврин учун курашамизми?


        

Миллий терма жамоамиз олдида турган навбатдаги жиддий мусобақа — 2015 йил 11-31 январь кунлари Австралия яшил майдонларида бўлиб ўтадиган Осиё кубоги баҳслари. Қитъамизнинг энг нуфузли турнири бошланишига деярли 1 йил қолди. 2014 йилда бош жамоамиз учун расмий ўйин жуда кам. Шу йилнинг 5 март санасида Осиё кубогига саралашнинг сўнгги учрашувида БАА термасини қабул қиламиз. Учрашув аҳамияти эса деярли ўртоқлик учрашувига тенглиги барчага маълум. Сабаби ҳар иккала терма жамоа Австралия йўлланмаси тақдирини расман ҳал қилиб бўлган. Белгиланган бошқа ФИФА кунларида эса ўртоқлик учрашувларига зўр беришимизга тўғри келади. Аммо ким билан ўйнаймиз? Аниқ эмас. Энг ёмони ҳам мана шунда. Жуда кўп терма жамоалар аллақачон 2014 йил режасини тузиб бўлган. Қачон, ким билан ўйнашини белгилаб, аниқ режа тузиб олган. Бизда эса лоақал 1 тагина бўлса ҳам тайинли ўртоқлик учрашуви ҳали-ҳануз белгиланмади. Жиддий терма жамоалар ўзлари ўтказадиган ўртоқлик ўйинларини анча аввал режалаштириб олиши ҳисобга олсак, ўзини ҳурмат қилган термалар камдан-кам ҳолларда шошилинч ўртоқлик ўйинлари ташкил қилишади. Ҳозирдан аниқ режа тузиб олмас эканмиз, 2014 йилда ҳам кучли терма жамоалар билан ўйнашдан умид узсак бўлаверади. 
Вақт кутиб турмайди. Бу кетишда МТЖ тиғиз фурсат қолганда яна “Локомотив” ёки “ПФЛ термаси” билан ўйнайдими? Наҳотки ЖЧ-2014 саралашидаги аламли натижа бизга сабоқ бўлмаган бўлса? Биз қитъа кубогида совринли ўринлар учун курашмоқчимиз. Лекин савол туғилади: Осиёнинг грандлари Япония, Ж.Корея, Австралия, Эрон термалари Бразилиядаги мундиалда жаҳоннинг манаман деган термалари билан ўйнаб, бебаҳо тажрибага эга бўлади. Хўш, бу рақибларга ўзаро “оқлар” ва “кўклар”га бўлиниб ўртоқлик ўйини ўтказиб борган жамоамиз қандай бас кела олади?! Ўртоқлик учрашувлари ташкил этишга масъул Терма жамоалар марказини танқид қилмаган журналист ёки мухлис қолмади хисоб. Лекин натижа кўринмаяпти. Акс ҳолда остонада турган бутун бошли 2014 йил учун атиги 1та бўлса ҳам ўртоқлик учрашуви белгиланган бўларди. 

Ўртоқлик ўйинлари ташкил этиш биз учун нимага борган сари мураккаб масалага айланиб бормоқда? ЎФФ раҳбари томонидан маблағ етарли эканлиги айтилмоқда. Шунингдек, терма жамоамиз ҳам ўзига яраша кучга эга. Ҳар ҳолда Осиёда кучлилардан биримиз. Исталган термага ўртоқлик ўйини таклиф қилишга тортинмаймиз, ўрнимиз бор. УЕФАнинг Грузия, Белорусия, Литва каби термалари олдида ожиз рақиб эмасмиз. Йўлини қилсак бу каби терма жамоалар билан ўртоқлик ўйини ўтказиш бу қадар глобал муаммо бўлмаслиги керак. Нима халақит беряпти бизга?

Менимча “Марказ”га халқаро тажрибага эга ва ўз ишини яхши тушунган профессионал мутахассис жуда зарур. Бундай мутахассис Ўзбекистонда йўқми? Албатта бор, бу — Алишер Никимбаев. 

ЎФФдан сўнг ОФКда бир неча йил ишлаб, ўтган йили БААда бўлиб ўтган Ўсмирлар ўртасидаги жахон чемпионати ташкилий қўмитасида ишлаган А.Никимбаев қитъамизнинг етакчи мутахассисларидан бири ҳисобланади. Нима учун шундай мутахассисдан ЎФФ фойдаланмаяпти? Наҳотки у ТЖМга фойда келтира олмаса? Ёхуд ОЧЛда ўринларни бирин-кетин бой бериб келаётган ПФЛга Никимбаевни нафи тегмайдими? Ахир айнан Никимбаев ОЧЛ квоталари тақсимлаш учун ОФКга аъзо мамалакатларда ўтказилган текширувларда комиссия аъзоларидан бири бўлиб фаолият кўрсатгани ҳаммага маълумку. Ҳар бир соҳанинг энг кучли мутахассисларини ишга жалб этишга одатланган араб давлатлари бекорга уни ишга таклиф қилишмаганди. Никимбаев ОФКдан кетган вақтлар ЎФФга чақиришса албатта ишлашга тайёр эканлигини айтиб ўтган эди. Ўйлайманки, футболимиз раҳбари истаса, Никимбаевни ЎФФга қайтариш муаммо бўлмаса керак. Мираброр Усмоновдан илтимос қилардим, Алишер Никимбаевни ЎФФга қайтаринг. Бундай мутахассис бизга айни вақтда сув ва ҳаводек зарур.

Бекатдаги хотиралар

Болалик йилларим қишлоқда ўтган. Қишлоқнинг чанг кўчаларида тўп тепиб, ариқларида чўмилиб катта бўлганман. Шундоққина автобус бекатининг ёнида чўмилардик. Ҳар сафар бекат ёнидан ўтганимда, болаликда рўй берган бир воқеа ёдимга тушаверади. Гўдаклигимдаёқ мазкур воқеа менга қаттиқ таъсир қилган бўлса-да, ёшим улғайган сари унутилиш ўрнига, унинг таъсири ортиб борди.

Одатдаги кунларнинг бирида, бекат ёнида бир тўп бола, қий-чув қилиб ариқда чўмилардик. Бир пайт бекат томондан, болаликдаги қадрдон дўстим Усмон биз томонга шоду-хуррам югуриб кела бошлади. Чўмилаётган болаларга қарата: “Дилшод, Раҳматилло, болалар биз бозорга кетяпмиз! Ана аям билан укам ҳам бор”, дея бекатда турган укаси билан онасини кўрсатди. “Помидор сотамиз, кейин аям бизга музқаймоқ олиб беради. Мазза қилиб ўйнаб келамиз”. Дўстимизни хурсандчилигига шерик бўлиш учун сувдан чиқдик. Барчамиз ичимизда “қандай мазза а, унга ?!”, деб ўйлардик.

У пайтлар бизга ким биландир, бозор ёки шаҳарга бориш чинакамига байрамга айланарди. Аммо йўл азоби туфайли, аксарият катталар узоқ жойларга болаларни бирга олиб бормасликни маъқул кўрарди. Ҳозиргидек дарвозангиз ёнидан олиб, истаган жойингизга ўн дақиқада етқазиб қўядиган ёки ярим тунда ҳам исталган жойдан уйингизга “ғизиллатиб” элтиб қўядиган таксилар йўқ эди. Бекатда соатлаб автобус кутиларди. Умуман шаҳарга бориб келиш, қишлоқ одамларининг тўлиқ бир кун вақтини оларди. Автобуслар тиқилинч, бир-бирига ёпишиб кетаётган одамлар, сотгани олиб кетилаётган полиз маҳсулотлари, мева-чевалар ёки уй паррандалари дейсизми?.. Хуллас, ҳаммасидан бўларди. Бизнинг қишлоқ ахолиси асосан, помидор етиштириш билан шуғулланарди (ҳозир ҳам шундай). Помидор дегани пишиқчиликка бориб, шу қадар арзон бўлардики, кўп ҳолларда уни овора бўлиб, бозорга обориб сотгандан кўра, уй ҳайвонларига берган маъқул иш эди.

Дўстим Усмонни авваллари ҳеч бозорга ёки шаҳарга бориб, айланиб келганини эслолмасдим. Балки ўша куни ақлини таниганидан буён биринчи марта бориши эди, чамамда. Хуллас, дўстим ва унинг укаси сафарга кетаётганларидан жуда ва жуда мамнун эдилар. Офтобда меҳнат қилавериб, юзу-қўллари қорайиб кетган Усмоннинг онаси ҳам хурсанд эди. Йўқ, аёл тоғорадаги помидор нари борса 1кг гўштга ҳам арзимаслигини яхши биларди. Лекин муштупар она, фарзандларига қувонч баҳш эта олаётганидан, уларнинг хурсандчилигини кўраётганидан беҳад бахтиёр эди. Бизга қарата: “Ҳаммангизга музқаймоқ олиб келамиз, помидорнинг пули етмаса, мана ўзимда пул бор”, деб рўмолчасига ўраб олган, озгинагина (балки йўл кира ҳақи) пулини кўрсатиб бизни ҳам хурсанд қиларди. Одатдагидек, автобус ҳа деганда келавермас, Усмон эса атрофимизда югуриб эшитмаган болаларга ҳам қайта-қайта айтиб мақтанарди. “Автобуснинг ойнасидан сенларга “хайр” қиламан, қўлингни кўтариб, “хайр” қилинглар”, деганлари ҳамон ёдимда.
        Бир вақт бекат томон маст ҳолда йўлнинг у томонидан - бу томонига гандираклаганча, Усмоннинг дадаси яқинлаша бошлади. У ичувчи одам эди. Кун ора ичиб келиб, уйида жанжал кўтарадиган одати бор эди. Кела солиб, кўчани бошига кўтарганча ўз аёлини ҳақорат қила кетди. Икки ўғил эса отасининг одатий жанжалларидан юрак олдириб қўйган шекилли, онасининг икки ёнида донг қотиб, отасига қараб жовдираб қолишди. Бор овози билан ўшқирарди. Афтидан, қаршисида қалтираб турган болакайлар, ўз фарзандлари эканлигини ҳам унутиб юборганди. Улар олдидаги “оталик” бурчини қўйиб туринг, ҳатто уларга нисбатан раҳм-шафқатни ҳам ароққа қўшиб ичиб юборгандек эди гўё. Аёл паст овозда, бир нималар деб маст эрини тинчлантирмоқчи бўлди. Лекин фойдаси бўлмади. Ғазаб отига минган ота, бақира-бақира охири, помидор солинган тоғорани тепиб, ағдариб ташлади. Она-болалар бараварига йиғлаб юборишди. Биз ҳам карахт бўлиб қолдик. Аёл жойига ўтирганча, кўзларини тўсиб, овоз чиқармасдан, ўксиб-ўксиб йиғларди. Эзилиб кетган помидорнинг ҳолига тушган Усмон, биз тарафга терс ўгирилиб олиб, онасини елкасини силаб кўз ёш тўкарди. “Йиғламанг ая, музқаймоқ керакмас, бормасак ҳам майли бозорга, музқаймоқ оберинг демайман, йиғламанг ая”, деб онасини юпатишга уринса-да, онасидан баландроқ овозда йиғларди. Укаси ҳали тили ҳам равон чиқмаган болакайлиги учун воқеани тўлиқ англашга ёшлик қиларди. У бир оздан кейин йиғидан тўхтаб: ”Бўлди, йилламелай, ҳожий ҳаммашини ўжим тейиб қўяман” дея жажжи қўлчалари билан тупроққа беланиб ётган помидорларни битта-битта териб, тоғорага соларди. Анча вақт йиғлаб ўтиришди... На Усмон ва на унинг онаси, биз тарафга ўгирилиб ҳам қарашолмади. Бўш тоғорасини кўтариб, йиғлаб-йиғлаб уйга қайтишди. Шу бўйи Усмон анча вақтгача биз билан ўйнагани чиқмай юрди.

Ўшанда болалик қилиб, нари кетиш ўрнига, уларнинг аянчли аҳволини томоша қилиб тураверибмиз. Ҳозир ўйлаб қарасам бу болалигимдаги, кузатиш энг оғир бўлган эпизодлардан бири бўлган экан. Ҳозирда бу воқеани шунчаки томоша қилиб туришга сабрим етмайди. Бундай шафқатсиз ота билан хумордан чиққунча муштлашардим. Охирини ўйламай муштлашардим (акс ҳолда, йиллар давомида виждонинг билан “муштлашасан”). Муштлашиш қўлимдан келмаса, ўзим ҳам болаларга қўшилишиб йиғлардим, тўйгунимча йиғлардим. Эзилган мурғак кўнгиллар учун, гўдак кўзларидан оққан қайғу ёшлари учун, оёқ ости қилинган “ болалик даври” учун ҳар қанча муштлашсанг ҳам, йиғласанг ҳам арзийди.

Айтганча, Усмон ва унинг укасини ҳозиргача бирор марта отасидан нолиб гапирганини эшитмадим. Катталарни иззат-икромини жойига қўядиган, мўмин-қобил йигитлар бўлган. Дўстим билан бекатдаги воқеа ҳақида ҳам ҳеч қачон оғиз очмаганмиз. Халқимизда бир ибора кенг тарқалган. “Баракалла, отангга раҳмат!” дейишади. Бир гал, кексароқ одам хайрли иши учун Усмонга: “Сени боққан отангга раҳмат, болам, отангга раҳмат!”, дея отасининг шаънига кетма-кет раҳматлар ёғдириб қолди. Усмон эса: “Хоп тоға, раҳмат”, деганча бошини сарак-сарак қилиб, менга қараб, кўзлари билан ишора қилди. Бу билан бир-биримизни тушундик. Кўнглимиздагини ҳис этдик.

Кемтиклик (Ўзим гувох бўлган воқеа)

Ноябрьни ёмғирли, изғирин кунларини бири эди. Илхом ака билан машинада кетаётгандик. Йўл четида яёв кетаётган ўсмир бола кўринди. Бирдан Илхом ака: “ шу болани ёнига тўхтатинг ” деб қолди. Бу ўсмир Илхом акани илк турмушидан (ажрашиб онаси билан қолган) ўғли эди. Юпин кийинган экан, Кийимлари хўл, бошяланг ёмғирда шумтираб қопти. Кўришмаганига анча бўлган шекили, ота – бола қуюқ саломлашишди. Илхом ака ўғлини олдида ўзини худди айбдордек хис қиларкан. Хол ахвол сўрашиб жуда хижолат бўларди.Нега қалинроқ кийинмадинг ,шамоллаб қоласанку бунақада? деди, ўғлини бу ахволда кўриб уялдими ёки рахми келдими?, ўзи кийиб турган устидаги курткасини шарт ечиб қаршилик қилишига қарамай ўғлига кийдириб қўйди. “Менда бошқа бор, буни сен киявер, иссиқ кийиниб юргин” деди. Хайрлашдик.

Йўлда кетарканмиз Илхом ака: Бошим осмонга етгудек хурсанд бўлганимдаям, шу ўғлимни кўрсам ёки эсласам “ерга тушиб қоламан” деди. Ўзи нимага ажрашгансизлар ? десам. Илхом ака: “Хотиним ёмон эмасди, шунчаки мен бошқасини севардим. Ота – онамни қистови билан унга уйлангандим. Шунда хам яшаб кетишимиз мумкин эди. Лекин севганим билан кўпроқ бахтли бўламан деб ўйлагандим.Ўша вақтлар севгим олдида шу ўғлим хам кўзимга кўринмаган. Ёш ўтган сари эса, фарзанд қанчалар улуғ неъмат эканлигини хис этаркансан. Фарзанд немаъти олдида севги – мухаббат каби нарсалар, ёшликдаги ўтгинчи хойи хавасдек туюлиб бораркан”.деди.
      
 Нима дейишни хам билмайман. Узоқ жим кетдик.