четверг, 6 марта 2014 г.

Сервер Жеперовнинг - “сардор”лиги


Кечаги ўйин футбол муҳлисларини ҳурсанд қилди дейиш қийин. Айниқса жамоа сардори - Сервер Жеперовнинг ҳатти – харакатларини очиғи тушунолмадим. Бош мураббий, асосий таркибда  Игор Сергеев ва Воҳид Шодиевни майдонга тушириб, уларнинг бўйдаги устунлигидан фойдаланишни мақсад қилган бўлса керак. Уларнинг баланд бўйлари, айниқса стандарт вазиятларда бизга ёрдам бериши керак эди. Лекин жамоа сардори Сервер Жеперов, тушунарсизроқ ҳатти – ҳаракатлари билан  амалга оширилган бурчак ва жарима тўпларини, юмшоқ қилиб айтганда “кўкка совурди”.

Хатто марказий ҳимоячиларгача жарима майдонига етиб келган вақтда ҳам, бурчак тўпларини тўғридан – тўғри дарвозага йўллашга ҳаракат қилаётганини қандай тушуниш мумкин ?! Нахотки мураббий, “Ҳамма тўпни тўғридан - тўғри дарвозага тепавер! ” деб кўрсатма берган бўлса?! Ундай бўлса, бирданига икки баланд бўйли хужумчини майдонга туширишдан мақсад нима эди?! Шунчаки Жеперов кўнглига келганини қилаётгандек, ёки гол бўлишини истамаётгандек таасурот уйғотди.

Масалан: Учрашувнинг 1 - таймида, жамоамиз БАА жарима майдонига нисбатан ўнгроқ жойдан жарима тўпи тепиш хуқуқини қўлга киритди. Айнан Сервер учун, чап оёқда жарима майдонига ҳаволатиб пас беришга жуда қулай имконият эди. Ҳамма шуни кутганди. Сервер эса бунинг ўрнига. тўпни ўзидан ноқулайроқ позициядаги Муллажоновга оширди. Унга ҳам бирданига оширмади. Аввалига унга оширмоқчидек ишора билан БАА футболчиси эътиборини Муллажоновга жалб қилди. Шундан кейингина тўпни “деярли ёпиқ турган” турган Шавкатга оширди. Табиийки, буни олдиндан (Сервер туфайли) сезган араблар, буни қийинчиликсиз бартараф этди. Тўп оширилишини кутиб, жарима майдонига етиб борган футболчилар, ҳафсаласи пир бўлганча ортга қайтди. 80% стандарт вазиятларда шу ҳолат такрорланди. Қизиғи бирор бир футболчи бунинг учун Жеперовга эътироз ҳам билдирмади.

Заҳирага олингунига қадар, чап томондан бурчак тўпларини Турсунов амалга оширганди. Самара бермаган бўлсада, тўғри дарвозага эмас, жарима майдонида турган шерикларига оширишга ҳаракат қилди. Турсунов захирага олингач, чап томондан ҳам (ўзига ноқулай бўлишига қарамай) бурчак тўпларини Жеперов тепа бошлади. Энг қизиғи бу томондан ҳам тўғи дарвозага йўллашга уриниши бўлди. Эсласангиз ўйиннинг 80-82 дақиқаларида шундай уриниши туфайли, тўп ҳаводаёқ майдонни тарк этди. Ва навбатдаги бурчак тўпини кўкка совурилди.

Кузата туриб, бу ўйин “ Шахсан Жеперовнинг ўзи учун махсус, 100чи юбилей учрашув”и сифатида уюштирилгандек таасурот уйғотди. Сервер Жеперов - стадионга йиғилган минглаб, экран қаршисида кузатаётган миллионлаб муҳлисларни ўйламади. Акс ҳолда ўйин  0-1 якунланиб бораётган пайтда ҳам, шу ишини такрорламаган бўларди. Бу машғулот эмаски, шу тақлид ўзи билганини қилаверса. 1 ёки 2 марта уриниб кўриши мумкиндир. Лекин бутун халқни асабига тегиб, бу одатни такрорлайверишини нима деб изохлашга ҳам хайронман...  

Жамоа сардорининг аҳволи шу бўлса, оввора бўлиб, жарима майдонига бориб, келаётган футболчилардан нима кутиш мумкин ?... 

понедельник, 24 февраля 2014 г.

Бировнинг уйи



Талабалик йилларим эди. Вилоятимизнинг чекка, асосан чўл ҳудудда жойлашган, туманларидан бирида билан пахта терардик. Сахарлаб далага чиқардик. Соат 10:30ларгача 15-20 кило пахта териб қўярдим. Уёғига кун анча исиб кетарди ва терган пахтамни бошимга ёстиқ қилиб дам олардим.

Ўша куни ҳам шундай бўлганди. Терган пахтамни устида озгина мизғиб олдим. Уйғониб қарасам, курсдошларим анча нарига кетиб қолишибди. Кун иссиқлигидан, роса чанқаганман. Аксига олиб, ичгани ёнимда ҳеч нарса йўқ. Қарасам, дала четида бир уй бор экан. Ҳали тушликка эрта эди. Унгача шу уйга кириб, сув ичиб чиқишга қарор қилдим. Пахтамни қолдириб ўзим уй томон йўлга чиқдим. Уйнинг дала томонга қараган, орқа эшигидан чақира бошладим. Аслида эшик ҳам йўқ эди. Шундоқ ғўзапоялардан девор қилинган, ўртада икки метрча жой йўлак сифатида очиқ қолдирилган. Ҳеч ким жавоб бермасди. Афтидан уй эгалариям далага чиқиб кетган шекилли. Янада яқинроқ бориб, баландроқ овозда чақира бошладим. Ҳеч ким йўқ. Уй сахнидаги, стол устида икки – учта челак бор экан. Ичида сув бўлса керак, “уй эгаси йўқ бўлса ҳам озгина ичиб кетаман” деб ўйладим. Чақира – чақира челак томон яқинлашиб бордим. Уй саҳнига етиб, шундоқ челакка қўл узатаётгандим, кўча томондан қандайдир шарпа эшитилди. Ўгирилиб қарасам, нақ эшшакдек келадиган, "олапар"-ит мен томонга қараб, шиддат билан югуриб келяпти. Ҳайбатидан, мени ана шу ернинг ўзида тилка-пора қилиб ташларди. Қочиб қутулиш – деярли имконсиз, ит билан орамиз атига 20-30 қадамгина эди. Таваккал ортимга қараб югурдим. Олапар етиб олиши, аниқ бўлса ҳам нимадир қилишим керак-ку?. Талвасада, кўзим томга тираб қўйилган нарвонга тушди. Ўша вақтда ўзимда “пожарный”чиларга хос, ҳислат борлигини ҳис этганман. Оёқ қўлим “тегиб-тегмай” нарвонга чиқиб кетдим. Шимим пойчасини озгина қисми олапарда қолганини ҳисобга олмаганда, ҳаммаси жойида эди. Томга чиқдиму ётиб қолдим. Хансираб чуқур-чуқур нафас олардим. Олапар олд оёқларини нарвонга қўйса, нарвонни ярмигача етиб қоларкан. Томга қараб бор овози билан “аккиларди”. Бироз ётиб ўзимга келгач, ғазаб билан ўрнимдан турдимда, томда турган узун ёғоч билан олапарни ура кетдим. Энди нарвондан тушволиб “аккилай” бошлади. Томдан атрофга аланглайман, ҳеч ким йўқ. Аввал дала томонга кейин саал нарироқдаги уйларга қараб бор овозим билан бақирдим. Ким боооор? Ёрдам беринглааар...” Ҳеч ким йўқ. Камига, мен бақирган сари, олапар ҳам менга “жўр бўлиб” ҳурирди. Фойдаси бўлмади, атрофдан садо йўқ. Томга босилган сомон устига ағанаб ётдим. Олапар ҳам тиниб қолди. Бироздан кейин кетдимикин секин мўраласам, нарвон тагида ётибди. Тамом. Уй эгаси келишини кутишдан бошқа, чорам қолмади.

Атроф сокин, сомон устида уй эгаси келишини кутиб ётавердим. Кўзим илиниб, уҳлаб қолипман. Пастдаги одам шарпасидан уйғониб кетдим. Қарасам кун ботай деяпти. Олапарнинг эгалари келган экан. Бир аёл, иккита бўйига етган қизлари билан кечги овқатга уриниб ётишипти. Афтидан уй эгалари келганига анча бўлган. Айтганча, шу аҳволда ҳам ҳалиги қизларнинг “кўхликкина”лиги эътиборимни тортгани рост.
Шунча вақт уй эгаси келишини интизор бўлиб кутган одам, уларга “нима деб?” гап бошлашни билмай қолдим. Томдан туриб, уларга, “Ассалому алайкум. Кечирасизлар, мен томиларда эдим...” десам, қўрқиб кетмасмикин ?, ёки “сен ўғирликка тушгансан...” десачи?.  Мени кўрган захоти, “дод-вой” қилиб юборсая, Бошим қотиб қолди. Гапни нимадан бошлашни билмай, уй саҳнида юрган қизларга қараб, ўйланиб тургандим. Ҳалиги аёл: “Даданг келди. Қўлига сув опке, сочиқ қани? “ деб қолди. Қарасам кўриниши “Қутлуқ қон”даги, Қора Ахмадни эслатадиган мўйловли, басавлат одам. Рангим ўчиб кетди. Мўралаб турган одам, “Сезиб қолмасин” деб сомон тагига яхшилаб писиб олдим.
Энди тамом бўлди. Аввал нима деб, гап бошлашни билмай турган бўлсам. Энди, умуман бу фикрдан қайтдим. Қишлоқ одамидан ҳар нарса кутиш мумкин. Бояги эҳтимолларга, яна бир эҳтимол қўшилди. Агар отаси “Сен қизларимни ёнига кегансан” деса, тамомман. Нақ “олапарга ем” қилиб беради. Хуллас, оғир ахволда  қолдим. Айтганча бу вақтга келиб, бояги қизлар умуман эътиборимни тортмай қўйганди. Ўй-ҳаёлим фақат битта одам – отасида эди. Секин мўраласам, ташқаридаги сўрида тўртовлон қорин тўйғазишяпти. Олапар ҳам ўша ерда, сўрини тагида ётипти. Шом махал бўлиб қолган. Таваккал дала томонга югуришга қарор қилдим. Оёғимни учида бориб, нарвондан туша бошладим. Йўқ..., эплолмадим. “Ғизиллаб” олапар етиб келди ва нарвонга “тирмашиб” ҳурий бошлади. Эмаклаб бориб, сомон тагига кириб кетдим. Сўрида ўтирган аёл: ”Қарачи, ит бунча аккилади деб қолди. Қизларидан бири орқа тарафга ўтиб, “Томга қараб ҳурияпти, нарвонга чиқиб олган” деди. Отаси “Тинчликмикин, бунақа қимасди-ю, хозир бораман” дея cўридан тушди-да. “Четга ўтиб турчи...” дея нарвонни “ғарсиллатиб” тепага чиқа бошлади. Ўша вақтда, сомон тагида ётиб, кўнглимдан ўтказганларимни сўз билан тушунтириб беролмайман.  Дахшатнинг - ўзгинаси эди. Қизиғи, бундай вақтда мия ҳам тез ишларкан, қисқа фурсат ичида ҳаёлимдан ўтмаган нарса қолмади ҳисоб. Курсдошларимдан тортиб, ота-онамгача бир-бир эслаб ўтдим.  Шу онда, ўзимдаги яна бир ҳислатни кашф этдим. Мендан яхши “ғаввос” ҳам чиқиши мумкин.Сомон тагида, чамаси 5-6 дақиқа нафас олмай, қотиб турдим. “Ҳеч нарса йўқку, мушук-пушук чиққандирда” Отанинг бу овози томда янгради.” Бирор егулик бериш итга, эрталабдан бери оч ётгандир ” бу гапларни айтиб нарвондан тушиб кетди.

Ҳайрият, ҳайрият. Чуқур-чуқуп нафас олдим. Ҳамма уйга кириб, ташқарида қизларнинг биттаси қолди. Дастурхон йиғиштиряпти. Олапарга ҳам бир нима берибди шекилли. Зўр бериб, қорин тўйдиряпти. Улар томонга айвондаги чироқ нури тушиб тургани учун аниқ кўринарди. Мен томон эса қоронғу эди. Илдам бориб нарвондан тушдимда, орқа олдимга қарамай югурдим. Олапарни овози эшитила бошлаганда, уйдан чиқиб ғўзалар орасига кириб улугургандим. Узоқ қувимади. Уйидан 40-50  метргача “кузатиб қўйгач” ортига қайтди. Курсдошларга бўлган воқеани айтиб, роса кулишдик. Роса кулишдик. Ҳал гал далада кимдур, ” чанқадим, кимда сув бор? ” деб сўраса. Ҳамма менга қарата ”Сен биласан-ку қаерда сув борлигини, айтиб бергин, бу ҳам  ичиб келсин” деб кулишарди.   
       

среда, 19 февраля 2014 г.

Шум бола

Бу хазил мақола 29 02 2012 да ўтказилган Япония - Ўзбекистон 0:1 учрашувидан кейин ёзилган ва uff.uz да эълон қилинганди. Эслатиб ўтаман, ўшанда ўйин СпортТВда тўғридан-тўғри олиб кўрсатилмаганди. Ўйинни интернетдан матнли трансляция орқали кузатишга мажбур бўлганмиз.                                    

Ассалому алайкум! қадрли футбол муҳлислари. Кечаги байрам билан яна бир бор табриклашга ижозат бергайсиз. Бай-бай бу кунларни қачалик орзиқиб кутдига...
Кеча компютеримга термула-термула дахшатли ҳаяжон билан бир амаллаб ўйинни якунлаб олдимда, қўшним 80 ёшларни қоралаб қолган ашаддий футбол мухлиси, Хожи тоғага ҳушҳабарни суюнчилаш илинжида, уйларига шошилдим. Дарвозасини олдига келгач бироз ўйланиб қолдим, сабаби Хожи тоғамми қон босимлари бор, тез-тез ўйнаб туради. Бирданига бу ҳабарни кўтара олармикинлар? Майли аста секинлик билан бир амалларман дедимда чақирдим.
Хожи тоғааа ? Хоо Хожи тоға ? Ичкаридан салобатли овозлари билан Хожи тоғам “кел , кир-киравер” дедилар. Эшикни очдимда, уй тўрисида кампири билан чақ-чақлашиб,савлат тўкиб ўтирган бобомни олдига тиззаларим билан дўқ-дўқ қилиб эмаклаб бордимда:

- Асссаломуу алайкуууум Хожи бобо соғликлариз яхшими? 
- Дуруст-дуруст ёмон эмас. Бугунги ўйинни вақтида кўролмаётган бўлсак хам, кейинги босқич масаласини ҳал қилиб бўлганмизку. Ха ха ха (мийиғида кулади). Хўш нима хизмат билан келдинг?
- Шу ўзим бобо сизи соғинибман биир кўриб кетай дегандим.
- Ҳа, ҳа баракалла! Баракалла! Барибир бирор муддаоинг бордир ? қани гапир?
- Шу..  шууу бугун саралашни охирги тур ўйинлари бўлаётгандию ...
- Хўўўўш иннан кейинчи? Ўзбекистон нима бўлди ? анови телпонингними, кампютриними ковлаб, хар балони билиб турардингку?
- Шу..., ўййин, ббўлди, ккейин ...
- Хўўўш. Иннанкейинчи? Ҳисоб қанақа бўлди ?
- Хисоб, хисоб шу хисоб, шуу хисоб, яҳши бўптии
- Хой бола нималар деб алжираяпсан? Японлар нечта урди ?
- Шууу, шу японлар уролмади хожи бобо.
- Хой сен бола сен миянгни едингми? Болларни ярми бормай ўрнига ёшлар кетган бўлса, Жапонлар дунёни хар бир бурчагида ўйнайдиган самурайларини йиғиб олган бўлса? Қанақасига уролмаслиги  мумкин?
- хееей ўзиз хам жааа одамни хит қивордиз Хожи бобо. Хаммаларини йиғилиб хам биззи Вадим акани тактикаси билан анови кўзида олов чақнаган ёшларга бас кела олмаса менда нима айб..?
- Нималар деяпсан хой бола?  нима бўлди ўзи? Японлар уролмаган бўлса бизикиларчии? бизикилаар? (хожи бобомми ранги ўзгара бошлади)
- халиги анови кичкинтой футболчиз Шадрин, мен хам гол уриб қолармикинман деб хужумга борганакан, қанотдан оширилган тўпга Насимов калла қўйибтию, варатар тўсганакан. Қайтган тўпни Шадрин битта тепибтию ГООООООООООООООЛ!!!!!! Деб юборибди. Ютиб қўйдик Хожи бобо
- Нимааа ютдик.. ? Голлл ...?  Шадринннн....?
деганча кўзига ёш тўлган бобом, чап кўкракларини ушлаб ён бошлаб қолди. Кампири чой тутган, келинлари сув сепган, мен олдиларида қалпоғим билан елпиган , бир амаллаб бобомни ўзига келтирдик. Ўзига келган бобом нур тўла юзларида табассум билан :
- Баракалла азаматлар яшшаворей! ЭЭЭ уруғинг кўпайгур ота-ўғиллар! Жапонларни адаб чўпини бериб қўйишибдию, ўйин деган мана бундоқ бўпти. Жапонларни ютганимизи кўрмай ўлиб кетаманмикин? девдим.Ҳаа бошинг тўйдан чиқмагурлар! Қани кампир? Бу тирмизакка битта дўппи кийдириб қўйгин.

Шунақа гаплар.. Хозир дўппими кийиб кетяпман. Хожи бобом ошга чақирган. Кирмасам ҳафа бўлади. Кечаги байрамни нишонлаб бииир ошхўрлик қилайлик. 

понедельник, 17 февраля 2014 г.

Ўзбекчилик


Оилавий телевизор томоша қилаётганимизда, қўлимда пульт билан ҳушёр туришга мажбурман. Чунки, ота ва қиз, қайнота ва келин ёки она ва ўғил биргаликда кўраётганда, юзларини мулзам қиладиган эпизодлар, реклама ёки мультфильмларда ҳам учраб қолиши мумкин. Шуни инобатга олган холда, дархол бошқа каналга олишга шай тураман. Ишонаманки юртимиздаги аксарият оилаларда, шундай манзара кузатилади. Ярим-ялонғоч ёки эҳтирос уйғотувчи лавҳаларни оилавий томоша қилиш, динимизга ҳам “ўзбекчилик”rа ҳам тўғри келмайди. 

Ўғлим ўқийдиган мактаб, шундоққина катта йўл бўйида жойлашган. Ҳар куни эрталабдан, битта ўқитувчи, кўчада навбатчи туради. Навбатчи ўқитувчининг вазифаси - ўқувчилар автомобиль йўлини кесиб, мактаб томонга ўтишларига кўмаклашиш. Агар навбатчи йўқ бўлса, пиёдалар йўлакчаси бўлишига қарамай, ҳайдовчилар ўқувчиларни ўтказиб юборгиси келмайди. Машиналар “ғизиллаб” ўтаверади. Сумка кўтарган ўқувчилар, йўл четида тураверади. Одатда бизнинг ҳайдовчилар, фақат ДАН ҳодими кузатиб тургандагина, қоидага тўлиқ амал қиладилар. Бошқа пайтлар эса, ўзбекчилик...

Баъзида ҳамкасблар билан ўзаро, раҳбаримизнинг хато ва камчиликларини муҳокама қилиб қоламиз. Лекин, хеч биримиз, бу камчиликларни унинг юзига айтишга ботинолмаймиз (ёки қўрқамиз). Ютуқлари ва яхши томонларини эса, ҳаммамиз унинг ўзига қайта-қайта айтиб мақтаймиз. Гурунглашиб қолганимизда, бошлиғимиз айтган латифа қизиқарсиз бўлса ҳам, ҳаммамиз кулишга ҳаракат қиламиз. Балки, бу ҳам “ўзбекчилик”дир?!

Дўстим қайнотаси билан бирга ишларди. Яқинда билсам, иш жойини ўзгартирибди. “Нимага бундай қилдинг?” десам. “Қайнота-куёв бирга ишлаш ўзбекчиликка тўғри келмаскан”, дейди.

Бобомдан, “динимизда аза - 3 кун, дейилган бўлса, ”Йигирма”, “Қирқ”, “Йил” каби маросимлар нимага керак?“ деб сўрасам. “Энди болам, бу одатларни қилмасанг, одамлар айб қилиши мумкин. “Ўзбекчилик”да шундай дейди.  

Жуда ривожланган давлатда яшайдиган, бадавлат ва ўзини “олий маданият эгаси” деб билгувчи танишимнинг, ота–онаси қариялар уйида яшайди. Ўзимиздан қўймасин. “Маданиятсиз” ёки ночорроқ қария ҳам ўз уйида яшайди. Уйида “газ” ёки “свет”дан муаммо бўлиши мумкин. Лекин мехр–оқибатдан муаммо йўқ. Уйини бўлмасаям, кўнглини ёритиб, иситиб туради. 

Ўтган йили МДҲ давлатлари фуқаролари ўртасида ўтказилган сўровга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 95% бошқа мамлакатга (совуқ ва қоронғу уйларини ташлаб) бутунлай кўчиб кетишни истамаслигини, айтган. Бу МДҲдаги энг юқори натижа. Эътиборлиси, энг кўп чет давлатларга бориб ишлайдиган ҳам бошқа юртга кўчиб кетишни истамайдиган ҳам бизнинг ҳалқимиз. Шу ўринда яна баъзи муаммолар хақида ёзмоқчи эдим. “Ўзбекчилик” қилиб ёзолмадим... Тинчлигимизга кўз тегмасин. Биз борига қаноат қилиб ўрганган ҳалқмиз. 

Ўзбекистоннинг битта қишлоғи берган ҳузур-халоватни, дунёнинг мана-ман деган шаҳарлари беролмаслиги мумкин. Бу "сийқаси чиққан" ёки баландпарвоз гаплар эмас. Гапимнинг исботи сифатида қуйидаги воқеани келтираман.

Ҳарбий хизматга кетиб, уйига жуда кеч қайтган бирор аскарни эшитганмисиз?! Андижон вилояти, Асака тумани, Тоштепа қишлоғидан, 1939 йил, 19 ёшида ҳарбий хизматга кетган, Аҳмаджон Қозоқов орадан нақ 60 (!) йил ўтиб, 1999 йилда, Тоштепага қайтиб келади. Қишлоқ аҳли “кечиккан бола”сини карнай-сурнайлар билан кутиб олади. У урушдан кейин,  Франциянинг Марсель шахрида яшаб, француз қизи билан оила қуриб, 5 фарзанд ва бир қанча набираларга эга бўлган. Шундан кейин ҳам бир неча марта, туғилган қишлоғига ташриф буюрган Аҳмаджон Қозоқов 2006 йил Марсельда вафот этади. Васиятига кўра, жасади куйдирилиб, унинг кулини ўғли Мишель Ўзбекистонга олиб келиб, Тоштепадаги қабристонга, ўз яқинлари ёнига дафн этилади. Аҳмаджон Қозоқов, шундай ривожланган Марсельда бекаму-кўст яшаб туриб, оддийгина Тоштепани нима учун соғинди? Унга 80 ёшида ҳам тинчлик бермай, Ватанига келишга мажбур қилган омил нима? Балки Франциядек бой мамлакатда ҳамма нарсани топиш мумкиндир, лекин биздаги маҳалла–кўй, қариндош-уруғ, дўсту-биродарлар ўртасидаги мехр-оқибатни, "ўзбекчилик"ни ҳеч бир юртда топиб бўлмайди. Аҳмаджон Қозоқов хақида кўпроқ маълумот олиш учун, Асака ва Шаҳрихон йўлида жойлашган Тоштепага бордим. Буларнинг барчасини жияни (укасининг ўғли) Маъмур акадан эшитдим. Айтганча, унинг қабрига ўрнатилган тош расмини ҳам қўймоқчи эдим. Очиғи расмга олиш учун қабристонга киришни ўзимга эп кўрмадим. Одамлар асосан марҳумларни ёд этиб, Қуръон тиловат қилиш учун кирадиган масканга, бошқа мақсадда кириш нотўғридек туюлди.

Ўзлигимизни асрайлик. Оқибатимиз йўқолмасин!